© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ўзбекистонга янги бош вазир керакми? Вазиятни тахлил киламиз

«Ўзбекистонда давлат модели аллақачон шундай шаклланиб бўлганки, норасмий алоқалар биринчи ўринда туриб, расмийлари ясама ҳолатга айланган. Айнан шундай муҳитда мамлакатдаги турли сиёсий гуруҳлар ҳукумат алмашиши ҳақида гапира бошламоқда. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда юзага келган янгича муҳитнинг талабларига жавоб бермайди», — дейди сиёсатшунос Рафаэл Сатторов ўзининг CABAR.asia учун ёзган махсус мақоласида.

Русский English 


Премьер-министр Узбекистана Абдулла Арипов. Фото: oaoev.de

Ҳақиқатан, бош вазир Абдулла Арипов президентнинг энг ишонган одамларидан бири бўлишига қарамасдан, унинг номзодини бошқасига алмаштириш  учун бир қанча сабалар мавжуд. Муаммо нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги камчиликларда, балки бош вазирнинг жаҳон ҳамжамиятидаги салбий имиджида ҳам акс этади.

Ёмон репутация

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг раҳбарлик лавозими ҳакида бир нарса дейиш қийин. Бир томондан олиб қаралса, бу ижро ҳокимиятига катта таъсир кўрсата оладиган иккинчи нуфузли лавозим. Бошқа томони — бош вазир ваколатлари қишлоқ хўжалиги (умуман олганда, хўжалик соҳаси) билан чекланиб қолади. Шундай қилиб ундан фақат бир-иккита вазирлар ҳамда вилоят ва туман ҳокимлари қўрқишади. Ҳатто молия вазири ҳам анча йиллар давомида бош вазирга эмас, шахсан президентга ҳисобот бериб келган.

Шавкат Мирзиёев Абдулла Ариповни ҳукумат раҳбари қилиб тайинлагач, президентнинг бу қарори Ўзбекистон ва мамлакат ташқарисида ҳайрат билан кутиб олинди. Сабаби, кўплар бу лавозимга Ислом Каримов даврида молия вазири бўлган Рустам Азимовни тайинланишига астойдил ишонишганди.

Абдулла Ариповни алмаштириш учун қандай сабаблар бўлиши мумкин? Биринчидан, баъзи ҳукуматга яқин манбаларнинг таъкидлашича, Арипов президентнинг янги сиёсий йўналишига тўғри келмайди, чунки ғарб давлатлари у ҳақда илиқ фикрда эмас. Сабаби жиддий: Арипов номи ғарб мамлакатларининг TeliaSonnera (TeliaCompany) компанияси билан боғлиқ бўлган коррупцияга қарши суриштирув ишларида акс этган.

Охирги суд жараёнларида Ариповни телекоммуникация соҳаси учун жавобгар бўлган собиқ мансабдор сифатида кўрсатма беришга жалб қилишни талаб этишган. Бош вазир Гулнора Каримованинг TeliaSonnera компаниясидан пора олиш ишларига алоқадор деб шубҳа қилинган.

Гульнара Каримова, Абдулла Арипов. Фото: sputnik-inet.net.ru

Ханс Станбергнинг фикрича, Арипов ушбу жараёнда энг нуфузли шахслардан бири бўлган. Станберг Telia компаниясининг Ёвроосиё бизнес йўналиши бўйича собиқ бош маслаҳатчиси Ули Туимнинг адвокати. Туимни Ўзбекистон бозорига кириш учун Каримовага 350 миллион доллар берганликда айблашган.

Шундай қилиб, Ғарбда суд текширувлари қанча кўп давом этаверса, бош вазир билан боғлиқ саволлар ҳам шунча кўпаяверади. Гулнора Каримованинг ҳисобидаги пулларни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида гап кетганда, жамоатчилик бу пулларни ҳукуматга бериш тўғримикан, ахир унинг тепасида собиқ президентнинг қизига алоқадор киши ўтирибди-ку, деган саволларни ўртага ташлайверади.

Ариповнинг юқори лавозими ва унинг Гулнора Каримова ишига алоқадорлиги президентнинг мамлакат иқтисодиётини либераллаштиришга қаратилган манфаатларига тўғри келмаслиги аниқ. Ўзбекистоннинг амалдаги давлат раҳбари, барчани «Андижон синдроми»дан халос этиб, лоббист тузилмалар кучи билан юқори мансабдорларни камида айбсизлар қаторига қайтарди. Энди у ҳозирги бош вазирни деб яна изоляция муҳитига қайтишни истамайди. Ариповнинг номи эса доимо Гулнора Каримованинг шубҳали фаолияти билан бир қаторда туради.

Ариповга қараганда илғорроқ ва реформаторлик иштиёқи баландроқ, ўтмишда коррупцияга алоқадор бўлмаган бош вазирни тайинлаш мамлакат иқтисодиётининг бугунги кундаги инқирозли ҳолати туфайли ҳам зарур бўлиб қолмоқда. Айниқса ўрта бўғиндаги мансабдорлар ва тадбиркорлар Ўзбекистонга бозор иқтисодиёти тарафдори бўлган бош вазир кераклигини доимий равишда таъкидлаб келишади.

Юз бериши мумкин бўлган сценарийлар

Демак, Ўзбекистонда шу йилнинг охирига қадар ҳукуматга янги раҳбар тайинланадими? Мен президент маъмуриятига яқин бўлган бир неча етакчилар ва мансабдорларга бу ҳақда савол бердим. Уларнинг фикрича, бош вазир шу йилнинг охиригача ўзгариши мумкин.

Ушбу юқори лавозимга даъвогарлардан бири — Тошкент шаҳри ҳокими лавозимини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев. У ўзининг самарали ишлашини исботлаган бўлсада, «лавозимини бажарувчи» қўшимчасидан халос бўлмай келмоқда. Унга ҳатто имидж ва инвестицион жиҳатдан муҳим бўлган Tashkent City ишониб топширилди.

Джахонгир Артыкходжаев, Шавкат Мирзиёев. Фото: xs.uz

Бунинг устига, Ортиқхўжаевни тезда Тошкент шаҳар кенгаши, кейинчалик Олий Мажлис сенати аъзоси этиб тайинлашди.

Ўзбекистоннинг авторитар тузуми шароитида бу каби «ташаббуслар» депутат ва сенаторларга «тепа»дан тушади. Конституция бўйича бош вазир номзодини қонунчилик палатасида энг кўп ўрин эгаллаб турган партия олдинга суришини инобатга олсак, бу ҳолатни бош вазир лавозимига тайинлаш бўйича расмий тайёргарлик процедураси деб баҳолаш мумкин. Ўзбекистон тарихида илк бор Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари этиб икки палатали парламент аъзоси тайинланиши мумкин.

Халқаро ҳамжамиятга қуйидаги сценарий намоён қилиниши мумкин: Ўзбекистон парламенти бош вазирга ишончсизлик вотуми билдиради, у истеъфога чиқади, ушбу лавозимга парламент аъзоларидан бирининг номзодини илгари суриш таклиф этилади, ва янги бош вазирни тайинланиши Конституциянинг барча расмиятчиликларига мос доирада амалга оширилади.

Эркинжон Турдимов. Фото: gazeta.uz

Бош вазир лавозимига яна бир даъвогарлардан бири сифатида Самарқанд вилоятининг амалдаги ҳокими Эркинжон Турдимов кўрилмоқда. У хўжалик соҳасининг турли хил бошқарув лавозимларида ўзини кўрсата олди, шу жумладан Навоий ва Сурхондарё вилоятлари ҳокими сифатида ҳам. Энг асосийси, имидж жиҳатдан унда муаммолар йўқ. Турдимовнинг фаолиятини президент бир неча бор омма олдида ижобий баҳолаган ва бошқа ҳокимларни ундан ўрнак олишга чақирган. Шунингдек у, кўплаб сурхандарёликларнинг таъкидлашича, ушбу вилоятда жуда машҳур инсон.

Булар фақат бош вазир бўлиш эҳтимоли энг баланд бўлган ва кўзга кўринган номзодлар эди, аслида вариантлар бунданда кўпроқ бўлиши мумкин.

Сиёсий расмиятчиликлар

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан икки йил ўтиб, Ўзбекистонда иккита параллел йўл аниқ белгилаб олинди. Биринчиси қўшни мамлакатлар билан минтақавий кооперацияни кучайтириш ҳамда Тожикистон ва Қирғизистонга нисбатан прагматик муносабатларни тиклаш бўлса, иккинчиси — республиканинг ички сиёсатида давом этаётган ноаниқликдир: кўплаб эълон қилинаётган реформалар тўхтаб қолмоқда ёки ўзибўларчиликка ташлаб қўйилмоқда.

Мисол учун, ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсуповнинг айтишича, валюта бозорини либераллаштириш бугунги кунда ҳукуматнинг иқтисодий соҳадаги энг асосий ютуғи бўлса, аграр реформаларда кўплаб қарорлар фермерларга бўлган маъмурий босимни фақат кучайтирмоқда.

Бундан ташқари, ҳукумат маъмурий ислоҳотлар концепциясини қабул қилган бўлсада, уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамон ишлаб чиқилмаган, ва кўплаб эзгу ниятлар ҳозирча фақат қоғозда қолиб кетаяпти.

Президент мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги баъзи соҳаларни ислоҳ қилишни ва тартибга солишни хоҳлаётгани кўриниб турибди. Аммо ҳозир унга айнан қандай реформалар кераклигини англаб етиш қийин. Президентга комплекс институционал ислоҳотлар керакми ёки алоҳида иқтисодий реформаларми?

Мирзиёевнинг мансабдорлар билан муомаласини, уларнинг олдига қўяётган талабларини кузатаётиб, давлат раҳбарига қисқа вақт ичида туманни, вилоятни, корхонани ёки фермани илғор позицияларга чиқиб, юқори кўрсаткичларни забт этадиган оддий ва пухта хўжалик ишчилари кераклигини англаш мумкин.

Шавкат Мирзиёев, Абдулла Арипов. Фото: president.uz

Ўз навбатида мамлакатда жойларда ислоҳотларнинг ясама вариантларини кузатиш мумкин: ҳар ким ўзидан модернизатор ва реформатор ясаб олган. Бироқ, президент ҳам, ҳукумат ҳам ҳозирча жамиятни ўзгартиришга, хусусий мулк дахлсизлиги принципини мустаҳкамлашга уринмаяпти, таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка асосланган бошқарувнинг неофеодал моделини йўқ қилишга ҳаракат қилмаяпти.

Мана шундай шароитда давлат раҳбари мамлакатга тизимли ислоҳотлар, унумдорликни юксалтириш, маҳсулот рақобатдошлигини ошириш, иқтисодни барқарор қилиш ва уни қайта қуриш ҳақида гапирмоқда. Аммо ҳеч қандай ўзгариш кўзга ташланмаяпти.

Мен савол берган президент ва ҳукумат маъмуриятига яқин бўлган экспертларнинг таъкидлашича, бугун республикага технократик ҳукумат керак, яъни раҳбар ҳақиқий бозор тарафдори бўлиши лозим. Уларнинг фикрича, ҳукумат тепасига корхона раҳбарлигида ўзини кўрсатган, бозор хусусиятларини амалда биладиган кишининг келиши энг идеал вариант.

Бош вазирни жуда кўп танқид қилиш мумкин, лекин шуни таъкидлаш жоизки, танбеҳларнинг барчаси ҳам холис ва ҳаққоний эмас. Шуни билишимиз керакки, Ўзбекистонда бош вазир парламентар республикалардагидек ҳукуматни шакллантирмайди, вазирларни тайинлаш ва бўшатиш билан ҳам шуғулланмайди.

Вазирларнинг кўпи президент томонидан тайинланади. Яъни Ўзбекистонда ҳукумат мустақил эмас, у ҳеч нарсани ҳал қилолмайди ва фақат президент қарорларини амалга оширади холос.

Бош вазир ўзгаргани билан мамлакатдаги муҳит ўзгаришсиз қолади, чунки президент ҳукуматнинг ҳақиқий эгаси бўлиб қолаверади. У Вазирлар Маҳкамаси раҳбарига жойларда ўз қарорларини ижросини татбиқ қилишни буюради.

У ҳолда ислоҳотлар нима бўлади? Бундай вазиятда энг эҳтимоли баланд бўлган сценарий шуки, президентнинг реформаторлик ғайрати илк босқичда бир оз самарали кечади, лекин кейинчалик «қотиб қолиш» ва охири «синиш натижасига олиб келади.


Мазкур материал «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» лойиҳаси доирасида, Норвегия ташқи ишлар вазирлигининг молиявий ёрдами асосида тайёрланди. Мақолада билдирилган фикрлар редакциянинг ёки донорнинг позициясини акс эттирмайди.