© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ўзбекистондаги ўзгаришлар: қандай қилиб янгиланиш ва тараққиёт йўлидан ортга қайтмасдан давом этиш мумкин?

«Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистоннинг сиёсий элитасининг ташқи кўриниши ўзгарди. Элита аввалгидан очиқроқ, аҳоли билан янги алоқалар ўрнатишга тайёр, халқаро ҳамжамият билан мулоқот қилишдан қўрқишни тўхтатиб, ҳатто янги форматдаги вакилларни ҳам қабул қилди. Шу билан бирга, режалаштирилган ислоҳотларни сифатли амалга ошириш учун сиёсий элита эски бошқарув усуллардан воз кечиб, фуқаролик жамияти билан самарали мулоқот ўрнатиши керак», – деб ҳисоблайди эксперт Юрий Саруханян ўзининг CABAR.asia учун махсус тайёрланган мақоласида.

Русский English


Мақоланинг қисқа тезислари:

  • Ўзбекистон ташқи дунё билан алоқа ўрнатиши жуда мураккаб бўлган ёпиқ мамлакат эди;
  • Халқаро ҳамжамиятнинг асосий қисми Ўзбекистоннинг янги ривожланиш тенденцияларини ижобий қабул қилди;
  • Ислоҳотчилик имиджини Мирзиёев мамлакатнинг сиёсий тизимини ислоҳ қилиш орқали қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда;
  • Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги асосий тўсиқ бу унинг ягона шахсга бўлган боғлиқлиги;
  • Ҳозирги сиёсий элита узоқ вақтдан буён мамлакат раҳбариятига хизмат қилиб келган собиқ гвардия вакилларидан иборат. Ҳукуматдаги жамоа амалда ҳалигача янгиланмаган;
  • Эркин иқтисодий ҳудудларни очиш, солиқ имтиёзларини жорий қилиш ва мамлакатда бюрократия билан боғлиқ қийинчиликларини камайтириш орқали ҳукумат хорижий сармоядорларни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда;
  • Протекционизм сиёсатини давом эттириш, маҳаллий монополиялар манфаатларини илгари суриш, хусусийлаштириш ислоҳотларни секинлаштириш савдо-сотиқни либераллаштириш ҳақидаги баёнотлар билан бир вақтда жуда ғалати кўриниш бермоқда.

Каримов билан таққослаганда Мирзиёев тактикасининг асосий хусусияти, бу имидж масалаларига катта эътибор беришдир. Фото: president.uz

2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев ҳукумат тизимини фаол равишда ўзгартиришга киришди. Халқаро ҳамжамият ислоҳотларни катта умид ва ҳаяжон билан кутиб олди ва, эҳтимол, Ўзбекистонни орқа парталардан аълочилар қаторига қўшишга тайёр эди. Сиёсий элита ҳам enfant terrible қиёфасини йўқотиш ва яхшироқ жойларни эгаллаш истагини намойиш этмоқда. Агар ташқи сиёсатни четга суриб қўйсак, режа ва мақсадларни ошкор этиш учун асосий соҳалар бу ҳукумат бошқаруви ва иқтисодиёт эди.

Бироқ, ислоҳот жараёни жиддий қарама-қаршиликларсиз ўтмайди. Кўпинча, олдинга қўйилган ҳар бир қадам учун камида шунча ортга қадам қўйилади. Шунинг учун, ҳозирги вақтда ривожланиш векторининг ўзгариши узоқ муддатга йўналтирилганми ёки авторитаризмга хос бўлган тизим яна ўз ичида беркиниб қоладими? Буни ҳозирда аниқлаш қийин. Биз мамлакатда содир бўлаётган ўзгаришларнинг моҳиятини тушунишга ҳаракат қиламиз ва халқаро жамоатчилик томонидан берилган ишончни йўқотмаслик учун сиёсий элита нималарни амалга ошириши кераклиги ҳақида фикр юритамиз.

Ўзбекистон 2016 – мураккаб мерос

2016 йилда Ўзбекистон мураккаб синовни қарши олди. Ислом Каримовнинг вафот этиши летаргик уйқуда бўлган сиёсий тизим учун кутилмаган ҳолат эди. Ўзбек сиёсий элитаси, вазиятни енгиб ўтиб, сиёсий ворисни тезда аниқлаб олди.

Мирзиёевга жуда мураккаб мерос қолган эди. Мамлакатни узоқ вақт давомида ҳақиқатдан ҳеч ким шуғулланмаган бир хўжалик мулки билан таққослаш мумкин эди, бошқарувдагилар ўз масалалари билан банд эдилар, тизим эса, эҳтимол, инерция орқали фаолият олиб борарди. Мирзиёев (ўша вақтдаги исталган бир потенциал номзод каби), тузилган тизимнинг асосий иштирокчиларидан бири сифатида, вазият қандай аҳволда эканлигини жуда яхши билар эди.

Хомашё ва энергия ресурслари экспортига асосланган иқтисод аслида бефойда фаолият олиб бораётган эди. Албатта, статистика ходимлари ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши 8 фоизни ташкил этиши ҳақидаги маълумотларни тўқиб ёзар эдилар. Бироқ Мирзиёевнинг ўзи бу рақамларни “санъат асари” деб атади. Саноатнинг ривожланиши зарарга ишлаётган давлат монополияларини сақлаш билан чегараланиб қолган эди. Қишлоқ хўжалигидаги давлат бошқаруви унинг самарасиз эканлигини таъминлади ва натижада вилоятлардаги аҳолининг кўчиб кетишига олиб келди. Конвертация бекор қилинганлиги, валюта оқимларини соя иқтисодига кўчирди. Бу, ўз навбатида, коррупциянинг ошишига, бизнес фаоллигини пасайишига ва хорижий сармоядорлар учун мамлакатнинг жозибасиз имиджини шакллантиришга сабаб бўлди.

Иқтисодий ривожланишдаги камчиликлар уй хўжаликлари даромадларининг пасайишига, ишсизликнинг ошишига ва инсон капиталининг чиқиб кетишига олиб келди. Шу билан бирга, меҳнат муҳожирлари ўзбек сиёсий элитасининг иззат ва обрўси учун жуда ачинарли мавзу эди. 2013 йилда Каримов муҳожирлар ҳақида айтган сўзлари бу ҳолатни яхши тасвирлаб бера олади. Расмий маълумотларга кўра, ўша вақтда Россияда тахминан 2 миллионга яқин ўзбеклар ишлаган. Ҳукумат муҳожир ишчилар муаммосини эътибордан четда қолдирган эди. Шунинг учун ҳам уларнинг муҳожир сифатидаги мақомлари, жўнаб кетишларини ташкиллаштириш, расмий иш билан таъминланишлари, ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши масалаларини қабул қилувчи мамлакатлар билан муҳокама қилинмас эди. Мамлакат иқтисодиёти донорларидан бири бўлган меҳнат муҳожирлари (2016 йилда Россиядан Ўзбекистонга 2,741 миллиард доллар атрофида валюта юборилган), мутлақо ҳуқуқсиз аҳволда қолдирилган.

Сиёсий вазият ҳақида гапирганда, таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ташқи дунё билан алоқа ўрнатиши жуда мураккаб бўлган ёпиқ мамлакат эди. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг халқаро ҳамжамият танқидига учраган сиёсий элита давлат сиёсати ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида хавфсизликни таъминлаш орқали статус-кво мақомини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Давлат идораларида Миллий хавфсизлик хизматининг кураторлари жойлашиб олишган эди, бу эса давлат идораларининг самарадорлигига, қарор қабул қилиш тезлиги ва хорижий шериклар билан ҳамкорликни амалга оширишга салбий таъсир кўрсатди. Аҳолига фақатгина “ўз ривожланиш йўли” ҳақидаги ғоялар фаол татбиқ этилди. Тарғиботчилар юқори хавфсизликни миллий қадриятларимизни заифлаштиришга ва миллий менталитетга бегона бўлган қадриятларни ўрнатишга интилаётган ташқи кучларнинг борлиги билан оқлар эдилар.
Бироқ, янги президентга харобалар қолди деб ўйлаш нотўғри. Таркибий ислоҳотларни амалга оширишни осонлаштирган бир қатор омиллар мавжуд эди. Биринчидан, Каримов шахсига нисбатан барча қарама-қаршиликларга қарамай, қўшнилар билан ҳарбий зиддиятларда, этник қирғин ёки бошқа давлатларнинг ишларига аралашувларда Каримов иштирок этмади. Ўзбекистоннинг салбий имиджи сиёсий элитанинг авторитар бошқарув услуби билан боғлиқ эди.

Иккинчидан, давлат тизими барқарор эди. Бу тушунча, албатта, “мусаффо осмон” иборасини турлича талқини туфайли ташвиқотчилар томонидан бузилган ва ҳар қандай камчиликларни оқлайдиган ўзига хос кулга айлантирилган. Аммо, барча шиорларни четга суриб қўйсак, Мирзиёев фуқаролик қарама-қаршилик, террористик таҳдид ва шу каби омилларга тобе бўлмаган тизимга эга бўлди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ўзининг янги даври олдида мунозарали шаклда пайдо бўлди. Сиёсий суст воқеликдан чарчаган мамлакат давлат механизмларининг ишлаш тизими ва анча вақтдан бери кутилган ислоҳотларни амалга оширишга муҳтож эди.

Энг муҳими имидж

Ўзбекистонда ҳокимият алмашинуви халқаро ҳамжамият мамлакатда рўй бераётган жараёнларга янги нуқтаи назар билан қарашига сабаб бўлди. Мирзиёев эски тизимни қайта қуришга киришди, у Каримовнинг беш тамойили ўрнига 2017-2021 йилги ҳаракатлар стратегиясини таклиф қилди.

Мирзиёев ўзини узоқ вақт давомида мамлакатдаги барча муаммолардан хабардор бўлган, аммо ўз қарори орқали таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлмаган шахс сифатида кўрсатмоқда.
Шу билан бирга Каримов шахси ҳам дахлсиз бўлиб қолди. Каримовнинг атроф-муҳити, жумладан, оила аъзолари ва у давридаги бош қаҳрамонлар танқид қилинади. Бир томондан, бу бироз кулгили, чунки Мирзиёев 2003 йилдан буён бош вазир лавозимини эгаллаб келган ва 2016-йилнинг сентябр ойида давлатда вужудга келган аҳвол учун масъулдир. Бошқа томондан, авторитар сиёсий тизимларда кўпинча бу тизимни ўзгартира оладиган шахслар айнан шу тизим аъзолари. Фарғона вилоятидаги коррупция муаммосини изоҳлар экан, агар у аввалроқ бу муаммолар ҳақида гапира бошлаганида, у ҳозир умуман йўқ бўлиб кетишини айтиб ўтди.

Умуман олганда, халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг ривожланишидаги янги тенденцияларни ижобий баҳолади. Ҳатто янги президентга берилган муайян ишонч кредити ҳақида айтишимиз ҳам мумкин. Ушбу ишончнинг дастлабки хабари сифатида 2016 йилги президентлик сайловларида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг тўла кузатувчилик миссиясининг иштироки ва сайлов ташкил этилиши ҳақидаги ижобий ҳисоботини қайд этиш мумкин. Мирзиёевни турли халқаро форумларда қизиқиш билан қабул қилишди, халқаро муносабатларда етакчи иштирокчи-раҳбарлар билан учрашувлар ўтказилди ва яқинда Брюсселга ташриф буюриш учун расмий таклиф жўнатилди. Эҳтимол, унинг асосий устунлиги, узоқ вақт давомида сояда бўлганлиги, чет эллик ҳамкорлар учун ноқулай шахсга айланмагани ва у билан муносабатлар аслида тоза варақдан бошланаётганлигида.

Каримов билан таққослаганда Мирзиёев тактикасининг асосий хусусияти, бу имидж масалаларига катта эътибор беришдир. Сиёсий маҳбусларни озод қилиниши, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан мулоқотни йўлга қўйиш, мажбурий меҳнат муаммосини тан олиш, мигрант ишчиларга нисбатан стратегияни ишлаб чиқиш ислоҳотлари ҳам имидж билан боғлиқ. Ўзбекистон ёпиқ давлат бўлишдан воз кечади ва нафақат сиёсий элита дўст ҳисоблаганлар билан, балки узоқ вақтдан бери душман деб келганлар билан ҳам мулоқот қилишни бошлайди. Ҳукумат халқаро ташкилотларни танқид қилишдан кўра имиджига ўз ҳаракатлари орқали кўпроқ зарар келтираётганини англаб етди деган туйғу пайдо бўлмоқда. Ҳукумат Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда, жумладан, «The World Justice Project», коррупция соҳасидаги «Transparency International» ва “Чегара билмас мухбирлар” халқаро матбуот эркинлиги индексида мамлакат ўрнини яхшилаш истагини расман эълон қилди.

Каналдаги сувда туришга мажбур бўлган фермерлар билан бўлган воқеадан кейин бош вазирнинг биринчи ўринбосари З.Мирзаев ўз лавозимидан бўшатилди. Фото: сa-news.org

Имидж яратишга бўлган янги ёндашувни англатувчи воқеа – Тошкент вилоятига ташрифи чоғида “машҳур” бўлган Бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаевнинг ишдан олиниши. Мирзаев узоқ вақтдан бери Мирзиёевнинг атрофида ишлаганлардан бири бўлишига қарамасдан, унинг истеъфоси ҳақидаги масала дарҳол ҳал қилинди. Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилоти техник директори Жонас Аструпнинг учрашувдаги иштироки халқаро ташкилот вакили иштирокида ишдан бўшатиш учун яна бир сабаб бўлди. Ушбу қадам дарҳол ХМТ ва БМТ томонидан маъқулланганилганига ҳайрон бўлиш керак эмас.

Қадимги сиёсий ошхонанинг янги дизайни

Ислоҳотчилик имиджини Мирзиёев мамлакатнинг сиёсий тизимини ислоҳ қилиш орқали қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Виртуал қабулхоналарни жорий қилиш сиёсий элита ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни бошлаш учун керакли замин яратди. Бугунги кунда ҳукумат ҳар қандай қарорни, ҳатто аҳолига унча ёқмайдиган қарорни ҳам тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, сиёсий элитанинг асосий намоёндалари қоронғиликдан чиқиб, оммавий ахборот воситаларида доимий тарзда пайдо бўлишмоқда ва давлат сиёсатининг турли соҳаларига изоҳ беришмоқда.

Маҳаллий сиёсий ошхонанинг махфий рецептларини биладиган тажрибали кадрлар ва давлат бошқаруви масалаларига янгича назар билан қарайдиган янги авлод вакилларининг сиёсий элитасини шакллантириш бўйича интилишлар мавжуд.
Бунга мисол янги кадрлар сиёсати ва бу сиёсатнинг апофеози эса Миллий хавфсизлик хизмати ислоҳоти ва Р. Иноятовнинг истеъфоси. Ҳозирги сиёсий элита, узоқ вақтдан бери мамлакатни бошқаришда иштирок этган эски гвардия вакиллари (масалан, Абдулазиз Комилов, Абдулла Арипов, Ботир Ходжаев) ва янги форматдаги мансабдор шахслар, яқинда сиёсатга кириб кирганлар (масалан, Шерзод Шерматов, Шерзод Қудбиев, Жамшид Ходжаев) аралашмасидан ташкил топган. Маҳаллий сиёсий ошхонанинг махфий рецептларини биладиган тажрибали кадрлар ва давлат бошқаруви масалаларига янгича назар билан қарайдиган янги авлод вакилларининг сиёсий элитасини шакллантириш бўйича интилишлар мавжуд.

Фақат янги юзлар оқими вазиятга янги қарашга, камчиликларни сезишга ва замонавий талабларга мослашишга ёрдам беради.
Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги асосий тўсиқ бу унинг ягона шахсга бўлган боғлиқлиги. Аслида, у давлат механизмига эмас, балки президентнинг шахсига асосланган. Мирзаевнинг ишдан бўшатилишига бағишланган нутқида Бош вазир Арипов, унинг ўринбосари “президентимиз сиёсатига қарши” эканини таъкидлади. Давлатга эмас, балки Президентга ҳавола қилиниши кўзга ташланади. Агар сиёсий элитада ушбу тушунчалар эквивалент бўлса, у ҳолда мамлакат ҳали ҳам самарали бошқарув тизимидан узоқда.

Яна бир муаммо – ротация йўқлиги. Ҳукуматдаги жамоа амалда янгиланмаган. Ротация асосан мансабдор шахсларни бир мансабдан бошқа мансабга кўчириш орқали амалга оширилмоқда. Ҳатто вазифаларни бажаришга қодир эмаслиги учун танқид қилиниб, лавозимидан бўшатилгандан сўнг ҳам мансабдор шахслар вақти-вақти билан иерархияда пастроқ бўлса ҳам, янги жойда пайдо бўлиши мумкин. Мисол учун, Мирзаевнинг бўшатилиши кадрлар сиёсатига мутлақо янги ёндашув бўлиб туюлиши мумкин, лекин бу воқеа унинг Жиззах вилояти туманларидан бирига ҳокими лавозимига тайинлангани билан тугади. Ходимларнинг мансаб зинапояларидан юқорига ва пастга тушиши босқичма-босқич тизимли атрофияга олиб келади. Фақат янги юзлар оқими вазиятга янги қарашга, камчиликларни сезишга ва замонавий талабларга мослашишга ёрдам беради.

Мансабдор шахсларда янги менталитетни шакллантиришда жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Давлат тизимида қарорлар қабул қилиш жараёни қатъий вертикалга асослангани сабабли мансабдор шахслар ўртасида ҳеч қандай ташаббус мавжуд эмаслиги, улар ўз вазифаларини самарали ва малакали амалга оширишга қодир эмаслиги, шунинг учун ҳам шунчаки “хўжа кўрсин”га фаолият билан шуғулланишмоқда. Ушбу муаммонинг энг ёрқин намунасига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев томонидан таъриф берилган. У мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйилмаслик бўйича йиғилишлардан сўнг вилоят ва туман раҳбарлари унга пахтага ишчи кучини тақсимлаш тўғрисида сўраб мурожаат қилишганини ва бу каби мансабдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.

Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистоннинг сиёсий элитасининг ташқи кўриниши ўзгарди. Элита аввалгидан очиқроқ, аҳоли билан янги алоқалар ўрнатишга тайёр, халқаро ҳамжамият билан мулоқот қилишдан қўрқишни тўхтатиб, ҳатто янги форматдаги вакилларни ҳам қабул қилди. Шу билан бирга, режалаштирилган ислоҳотларни сифатли амалга ошириш учун сиёсий элита эски бошқарув усуллардан воз кечиб, фуқаролик жамияти билан самарали мулоқот ўрнатиши керак.

Иқтисодиёт: либерализация чегаралари қаерда?

Узоқ вақт мобайнида грогги ҳолатида (боксда ўтказиб юборилган зарбадан кейинги ҳолат – муҳаррир изоҳи) бўлган иқтисодиёт, ҳозирда давлат сиёсатининг асосий саҳнасига айланди. Собиқ СССР ва 90-йиллар соцлагерининг кўплаб давлатларига хос “демонополизация”, “эркин савдо”, “инвестиция”, “тадбиркорлик эркинлиги”, “либерализация” тушунчалари янгиликлар нашрларидан тушмай қолди.

Ҳукумат аҳолининг даромадларини ошириш, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш, тадбиркорликни рағбатлантириш ва бошқа ислоҳотларни режалаштирмоқда. Хавфсизлик кучларининг доимий рейдлари сабабли ертўлага ҳайдалган бизнес вакиллари билан янги муносабатлар қурилмоқда. Мирзиёев, “Акфа” компаниялар гуруҳи асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тайинлаганида бунга шундай изоҳ бериб ўтди.

2017 йил сентябр ойида мамлакатга эркин конвертация қайтарилиб, қора бозорни қисман бартараф этиш ва валюта оқимини иқтисодиётга қайтаришга ёрдам берди. Ҳар қандай юқори даражали мулоқотга инвестиция ва савдо битимларини имзолашга қаратилган бизнес-форум ҳамроҳлик қилади. Тадбиркорларнинг солиқ юкини енгиллаштириши ваъда қилинган солиқ тизимини ислоҳ қилиш ҳозир охирги босқичда. Авваллари дахлсиз ҳисобланган фуқаролик авиацияси, автомобилсозлик, энергетика ва кимё саноати тармоқларига хусусий бизнесни жалб қилиш режалари ҳам мавжуд. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари соҳасида монополистик кучга эга бўлган бир қатор корхоналар тугатилди.

Авваллари дахлсиз ҳисобланган фуқаролик авиацияси, автомобилсозлик, энергетика ва кимё саноати тармоқларига хусусий бизнесни жалб қилиш режалари ҳам мавжуд. Фото: spot.uz

Давлат, шунингдек, халқаро ҳамжамият билан савдо-сотиқ ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш истаги борлигини намойиш этмоқда. ЖСТга аъзо бўлиш ғояси тобора тез-тез эшитиляпти, узоқ вақт давомида сиёсатдаги “ўзига хос ривожланиш йўли”нинг тарафдорлари орасида, бўлаётган воқеалар кулгили туюлди. Яқинда ташқи савдо вазирлигида ЖСТ га аъзо бўлиш бўйича вазир маслаҳатчиси лавозими пайдо бўлди.

Қабул қилиниши кутилган иқтисодий ислоҳотлар халқаро молия институтларида қизиқиш уйғотмоқда. Масалан, 2004 йилда қониқарсиз ўтказилган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардан сўнг, ЭРТБ янги давлат стратегиясини ишлаб чиқди ва 2017 йилнинг охиригача 153 млн. евро қийматидаги олтита янги операцияни йўлга қўйди. 2017 йилда Осиё тараққиёт банки 2018-2020 йилларга 2,9 млрд. долларга мўлжалланган давлат бўйлаб бизнес-режасини маъқуллади. Ислом тараққиёт банки лойиҳаларини амалга ошириш учун 1,3 миллиард доллар ажратилишини эълон қилди. Жаҳон банки билан ўзига хос алоқалар ўрнатилди, Жаҳон банки раҳбари Мирзиёев билан икки марта учрашди. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ҳозирги операцион портфели 3,3 миллиард долларни ташкил этади.

Эркин иқтисодий ҳудудларни очиш, солиқ имтиёзларини жорий қилиш ва мамлакатда бюрократия билан боғлиқ қийинчиликларини камайтириш орқали ҳукумат хорижий сармоядорларни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йилги Жаҳон банкининг “Doing Business 2018” ​рейтингида Ўзбекистон бирданига 13 поғонага кўтарилиб, 74-ўринни эгаллади. Бу илтифот кўпроқ аванслиги, албатта, ҳаммага ойдин. Бироқ, бу сиёсий элитага ислоҳотларни қайси йўналишда амалга ошириш кераклигини англаш имконини беради. Айтганча, аванс жуда ёқиб тушди, ва энди ҳукумат 2022 йилга қадар “Doing Business” ​рейтингининг энг яхши 20талигига киришни режалаштирмоқда.

Агарда ҳукумат чиндан ҳам самарали иқтисодий тизимни ишга солмоқчи бўлса, у ҳатто энг йирик бизнес вакиллари учун ҳам оғриқли қарорлар қабул қилишга тайёр бўлиши керак.
Ўзбекистон иқтисодиётининг тўлиқ ишлаши учун ҳали кўп ишлар бор. Бозор ислоҳотлари яримта бўлиши мумкин эмас, акс ҳолда улар мамлакат ривожланишига тескари таъсирга эга бўлади. Протекционизм сиёсатини давом эттириш, маҳаллий монополиялар манфаатларини илгари суриш, хусусийлаштириш ислоҳотларни секинлаштириш савдо-сотиқни либераллаштириш ҳақидаги баёнотлар билан бир вақтда жуда ғалати кўриниш бермоқда. Агарда ҳукумат чиндан ҳам самарали иқтисодий тизимни ишга солмоқчи бўлса, у ҳатто энг йирик бизнес вакиллари учун ҳам оғриқли қарорлар қабул қилишга тайёр бўлиши керак. Фақатгина шу йўл билан тизимни янги қоидалар асосида ишлашини таъминлаш мумкин.

Хорижий сармоядорлар сиёсий ва иқтисодий тизимлар янги шаклда ишлаётганига амин бўлмагунларича мамлакатга келмайдилар. Яқиндагина хорижий сармоядорларнинг эркин иқтисодий зоналарга сармоя киритганларидан афсусланишлари ҳақидаги эълон бошқарувдагилар учун дастлабки хавфли чақирув бўлиши керак. Бундан ташқари, инвестициялар натижа бериши фақатгина коррупциянинг ва бизнес элитасининг имтиёзли вакиллари орасида молиявий оқимларнинг тақсимланиши, барқарор ривожланиш учун мавжуд шароит ва инвестиция лойиҳаларининг мустақил бошқариш қобилиятларига ҳам боғлиқ.

Олий лигага қандай ўтиш мумкин?

Шубҳа йўқки, 2016 йилда ҳокимиятга ким келишидан қатъий назар, ҳеч бўлмаганда дастлабки босқичда, ислоҳотчи деб ҳисобланилиши аниқ эди. Уйқу ҳолатида бўлган тизим учун исталган ўзгаришлар оламшумул воқеадек туюлади.

Бугун мамлакатда юз бераётган ўзгаришларга қарамасдан, бир қатор муаммолар шу кунгача ечимини топмади. Коррупция ҳали ҳам кун тартибида. Мансабдор шахсларнинг ҳибсга олиниши тўғрисидаги янгиликлар камаймади, самарали чора-тадбирлар ҳали йўлга қўйилмаган. Мулкни ноқонуний тарзда тортиб олиниши, ҳуқуқ ҳимоячиларни ҳибсга олиниши ва уларни кузатувга олиниши, мажбурий меҳнат ҳолатлари каби кўплаб ҳолатлар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳали ҳам мукаммалликдан узоқ эканлигини кўрсатади. Бундан ташқари, Интернет устидан шубҳали назорат, жумладан, ижтимоий тармоқларни блокировка қилиниши ҳам инсонни ҳайратга солади. «Freedom House»​нинг ҳисоботига кўра Ўзбекистон Интернет эркинлиги бўйича аутсайдерлар гуруҳида эди. Бу тасодиф эмас, албатта.

Биринчи беш йил давомида Мирзиёев эски тизим муаммоларига таяниши мумкин. Бироқ, иккинчи муддатда (бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ), бундай баҳоналар қабул қилинмайди, чунки бу жамоанинг зарур ислоҳотларни амалга оширишга қодир эмаслигини англатади. Шунинг учун Мирзиёев ҳукуматда ўтказган вақтни таҳлил қилиши зарур бўлади.
Халқаро ҳамжамиятнинг ишончини йўқотмаслик учун ҳукумат мансабдор шахслар ва жамоатчиликнинг қарашларини ўзгартириши керак. Биринчилар, эскирган бошқарув усулларидан халос бўлишлари ва замонга мос фикрлашлари керак. Эски ва янги амалдорларнинг бир жамоада эканликлари, уларнинг орасида кузатилиши муқаррар бўлган тўқнашувларга олиб келади. Журналистика университетининг ректори Шерзод Қудратхўжаевнинг жамоасидагилар суратга олган, мактабдаги кийим-кечак ҳақидаги жанжалли репортажи Вазир Шерматовнинг ҳайратига сабаб бўлиши, бунга яққол мисол бўла олади. Дунёни мафкурадан соқит бўлган кўзлар билан кўра олувчи янги авлод вакилларига таянган ҳолда ислоҳотларни амалга ошириш янада мустаҳкам пойдевор яратиши мумкин. Аҳоли, сиёсий элита томонидан тақдим этиладиган хизматлар истеъмолчиси сифатида ўзини намоён қилиши, бўйсинувчи ролидан халос бўлиши керак. Бунинг учун фуқаролик жамияти қарор қабул қилиш жараёнига таъсир ўтказиш учун самарали воситаларни ишлаб чиқиш ва мулоқотни бошлаш ташаббуси билан чиқиши лозим.

Агар сиёсий элита дастлабки қийинчиликлардан қўрқса, тизим яна олдинги самарасиз усулда ишлайди ва мамлакатни бир неча йил ортга қайтаради.
Бундан ташқари, ислоҳотлар жараёнида ҳар қандай мамлакатга хос бўлган тизимли инқирозга тайёр бўлиш керак. Узоқ вақт давомида уйқуда бўлган сиёсий тизимларда фаол ҳаракат бошланиши ҳаётни қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳаракатга келтиришга мажбур қилади. Фаол ҳаёт тарзига ўрганмаганлиги сабабли, улар бир кунмас бир кун муваффақиятсизликка учрайди. Бу тез-тез ревизионистлар томонидан ишлатилади, улар машҳур “илгари яхшироқ эди”, “ [Х] даврида бундай бўлмас эди” шиорлардан фойдаланишади. Мирзиёев жамоаси шу каби кризисларга дуч келади. Асосий омил раҳбариятнинг ислоҳотларни давом эттиришга қодирлиги ёки қодир эмаслиги билан аниқланади. Инқирозни салбий қабул қилиш керак эмас. Аксинча, инқироз тизимнинг тирик эканлигидан далолат беради ва ислоҳотларни мантиқий хулосага келтириш учун ривожланиш стратегиясини ўзгартириш имкониятини беради. Агар сиёсий элита дастлабки қийинчиликлардан қўрқса, тизим яна олдинги самарасиз усулда ишлайди ва мамлакатни бир неча йил ортга қайтаради.

Ўзбекистонга унинг ижобий имиджга эга бўлишига имкон берадиган яна бир муҳим жиҳат – бу давлат бошқаруви тизимининг биргина шахсга боғланиб қолмаслиги. Бунинг учун 2026 йилда учинчи президент ҳукуматга келиши керак. Унинг ҳукуматга келиши, Мирзиёевнинг Бош вазир лавозимига ўтиши, Конституцияга ўзгартириш киритилиши ва ҳоказо фокуслар билан бир вақтда содир бўлиши керак эмас. Ҳукумат ҳақиқатдан ўзгариши Конституцияга давлатнинг асосий қонуни мақомини қайтаради ва ўйин қоидаларини тасдиқлашга имкон беради.

Ишга туширилган ислоҳотларнинг муваффақияти фақатгина Ўзбекистоннинг сиёсий элитаси ҳокимиятда қолишни сиёсий мартабанинг энг юқори нуқтаси деб ҳисоблашни тўхтатиб, бутун куч-қудратлари билан уни ушлаб қолишга ҳаракат қилмаганларидагина юз беради. Бу эса, бошқарувдагилар Конституция томонидан белгиланган муддат ичида имкон қадар ўз кун тартибидаги масалаларни бажаришга интиладиган тизимни шакллантиради. Сиёсий маданиятни ривожлантириш орқали мансабдорлар ва аҳоли орасида “агар у бўлмаса, ким?” каби гап-сўзлар йўқолиши, узоқ муддатли натижаларга эришишнинг калити бўлиб хизмат қилади. Бундай шароитларда давлат бошқаруви автоном механизмга айланади, ва унда ҳокимиятга келган сиёсий элита ушбу механизмга мослашади, бунинг тескариси эмас.

[1] “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли”“ – И. Каримовнинг биринчи асарларидан бири


Ушбу материал Норвегия Ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» лойиҳаси доирасида тайёрланди. Мақолада билдирилган фикрлар таҳририят кенгашининг ёки ҳамкорлар позициясини акс эттирмайди.

 

.

Если вы нашли ошибку, пожалуйста, выделите фрагмент текста и нажмите Ctrl+Enter.

Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: