© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Кимлар статистика маълумотлари “ортида” қолиб кетмоқда? Ўзбекистонда ногиронлик кўрсаткичларини ўлчашга таъсир қилувчи омиллар таҳлили

Қуйи ўртача даромадли иқтисодга эга бўлган Ўзбекистонда[1], сўнгги 10 йил давомида аҳоли орасида ногиронлиги бор деб топилган шахслар улуши 2-3%ни ташкил этиб келмоқда. Нима учун ногиронликнинг халқаро ва миллий тарқалишида шундай катта тафовут мавжуд? Қандай омиллар Ўзбекистонда ногиронлик кўрсаткичларини ҳисоблашга таъсир кўрсатади ва Ўзбекистонда ногиронлик тўғрисидаги статистик маълумотларни қай йўсинда йиғиш мақсадга мувофиқ? – эксперт Дилмурод Юсупов CABAR.asia учун махсус ёзган мақоласида шу ва бошқа саволларга жавоб беради.

Русский 

Дилмурод Юсупов — CABAR.asia​ Аналитик мактаби иштирокчиси


Расман ногиронлиги бор шахс деб тан олинишингиз учун сиздан ҳужжатлар йиғиш ва махсус комиссия кўригидан ўтиш билан боғлиқ мураккаб бюрократик жараёндан ўтиш талаб қилинади. Фото: sputnik.kg

БМТнинг 2030 йилгача барқарор тараққиёт бўйича кун тартиби ҳеч кимни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларидан ортда қолдирмасликни кўзда тутади (инглиз тилида “leave no one behind”). Айниқса, мазкур жараёнлар ривожида ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бор инсонларга бўлган эътибор жуда муҳим. Бутунжаҳон ногиронлик ҳисоботига кўра ногиронликнинг қайсидир шаклига эга бўлган инсонлар сони 1 миллиарддан зиёдроқ ёки дунё аҳолисининг 15% ташкил этади, уларнинг 80% эса ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади[2].

Ногиронликни ҳисобга олишнинг декларатив тамойили

Давлатлар орасидаги ногиронлик кўрсаткичларидаги катта фарқлар ногиронликни турлича ҳуқуқий таърифлари, халқаро даражадаги стандартлар ва методларга мувофиқ келишилган маълумот тўплаш тизими йўқлиги, ва маҳаллий контекстга хос қатор омиллар оқибатида вужудга келади. “Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунда “ногирон инсон жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахс”[3] дея таъриф берилади.

Агар сиз туғма ёки ҳаётингиз давомида орттирилган ногиронлик ҳолатига эга бўлсангиз, сиз Ўзбекистонда автоматик равишда ногирон сифатида рўйхатдан ўтмайсиз. Расман ногиронлик мақомига эга бўлишингиз учун тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари аъзоларига (TMЭK) ногирон эканлигингизни тасдиқлаш мақсадида жуда мураккаб бюрократик жараёнлардан ўтиб, ҳужжатлар тўплашингиз зарур. Сизнинг танангиз фаолиятидаги чекловлар даражасига кўра, TMЭK вақтинча ёки доимий тарзда сизни учта тоифадан (I, II ва III) ногиронлик гуруҳларидан бирига рўйхатга олади. TMЭKнинг маъмурий рўйхатлари Ўзбекистонда ногиронликнинг тарқалиши бўйича статистика манбайи ҳисобланади. Аммо аҳолини рўйхатга олиш жараёнида, мамлакат миқёсидаги тадқиқотлар орқали ногиронлар ҳақида маълумот тўпланмайди.

Мисол учун, Буюк Британияда, жамоат транспортидан фойдаланишда имтиёзга эга бўлиш учун ёки турли хил ногиронлик нафақаларини олиш учун, сиз терапевт қабулида ногирон эканлигингизни рўйхатдан ўтказишингиз мумкин. Ногиронлик статистикаси эса ўз навбатида ногиронлик масалалари бўйича давлат идораси (Office for Disability Issues) томонидан олиб борилади. Ушбу идора ногиронлик бўйича нафақа тўловини олувчилар сони тўғрисидаги маъмурий маълумотларга таянибгина қолмай, балки асосан, ижтимоий сўровлар ва аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига асосланади.

Ногиронлик бўйича маълумотларни халқаро миқёсда тўғри таққослаш ва мувофиқлаштириш мақсадида, 2001 йилда БМТнинг Статистика Комиссиясида ногиронлик статистикаси бўйича Вашингтон гуруҳи ташкил этилди[4].Ушбу гуруҳ аҳолини рўйхатга олиш, миллий тадқиқотлар ва бошқа статистик маълумотларни йиғиш жараёнида фойдаланилиши мумкин бўлган олтита стандарт саволларни ишлаб чиққан.

2007 йилдан бошлаб ногиронлиги бор шахсларнинг Ўзбекистон аҳолиси таркибидаги улуши камайиб бормоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2015 йилда 31 миллион аҳолининг камида 1,89% ёки 586 мингдан зиёд фуқароларда ногиронлик ҳолати қайд этилган. 2016 йилдан буён расмий манбаларга кўра ногиронлик даражаси турли кўрсаткичлар орқали акс этмоқда. Шундай қилиб, Гендер статистикаси портали маълумотларига кўра, энг кам ногиронлиги бор инсонлар сони 2016 йилнинг охирида кузатилган ва 588,9 мингни ташкил қилган[5]. Ўзбекистон статистика қўмитасининг очиқ маълумотларига кўра[6], 2016 йилда ногиронларнинг сони бир миллион кишидан ошиқ ва аҳолининг 3,24% ташкил қилади. ЎзА ахборот агентлигининг хабар беришича, 2017 йил 1 январдан бошлаб 650 минг 284 киши ногиронлар рўйхатига киритилган ва уларнинг 84908 нафарини 16 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади[7].

Сўнгги ўн йиллик давомида Ўзбекистондаги ногирон шахслар сонининг ўзгарувчан динамикаси, шунингдек, расмий статистик маълумотларнинг ўзаро мос келмаслиги, бир қатор мантиқий саволларни туғдирмоқда. Нима сабабдан рўйхатдан ўтган ногиронлиги бор шахслар сони саккиз йилдан буён мунтазам равишда камайиб келмоқда? Ўтган икки йил мобайнида ногиронлик ҳолатини исботлашга муваффақ бўлган шахслар сонининг кескин ўсишини қандай тушуниш керак? Турли ҳукумат манбалари тақдим этган маълумотларда сезиларли фарқни ҳисобга олган ҳолда “кескин ўзгариш” ҳақида мулоҳаза қилиш қанчалик тўғри?

Ижтимоий нафақаларни белгилаш учун ногиронлик бўйича маълумот тўплаш

Ўзбекистонда ногиронлик ҳолатини қайд этиш, рўйхатдан ўтказишнинг асосий сабаби бу ногиронлик ҳолати қайд этилган шахслар учун тўланадиган нафақа тўлови. Бугунги кунда болаликдан ногиронлик ҳолати тасдиқланган шахслар учун 360 460 сўм (40 АҚШ доллари) ойлик нафақа белгиланган. Ҳаёти давомида ногиронлик ҳолати қайд этилган шахслар учун меҳнат стажининг мавжудлиги ва қанча муддатни ташкил этишига кўра ногиронлик нафақаси асосий нафақа тўловига қўшимча сифатида қайта ҳисобланади. Бошқа томондан олиб қараганда, TMЭK ногиронликни қайд этиши учун асосий мезон – бу инсоннинг меҳнат қилиш қобилиятининг йўқлиги ёки йўқолгани сабабли ушбу нафақага лойиқ ёки лойиқ эмаслиги. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда ногиронлиги қайд этилган шахсларнинг статистик ҳисоби фақатгина TMЭK ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси каби ваколатли давлат органлари томонидан белгиланадиган нафақа ва ижтимоий тўловларни маъмурий бошқариш учун юритилади.

2007-2017 йилларда ижтимоий нафақа оладиган ногиронларнинг сони ўртача 227 минг кишини ташкил қилди. 2011 йил 1 январдан бошлаб учинчи гуруҳ ногиронларига нафақа тўловларини бекор қилиш тўғрисидаги қонун кучга кирди[8], бу эса статистикада сезиларли даражада акс этмади. 2012 йилда энг кам кўрсаткич қайд этилди ва 206,5 минг кишига нафақа тўловлари белгиланди. Учинчи гуруҳ ногиронлари учун нафақаларнинг бекор қилиниши ва ижтимоий нафақа олаётган кишилар сонининг аста-секин камайишининг сабаби балки ривожланаётган Ўзбекистон бюджети учун ижтимоий имтиёзларнинг “оғирлиги” тушаётгани бўлиши ҳам мумкин. Давлат бюджетини иқтисод қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилганда, ҳукумат нафақа тўловларини фақатгина TMЭKнинг қатъий мезонларига мос келадиган кишилар учун белгилаган бўлиши мумкин. Натижада, Ўзбекистондаги ижтимоий муҳофаза фақат тана функцияларнинг жиддий бузилишлари туфайли заиф қатламни ташкил қилувчи инсонлар билан чегараланиб қолмоқда.

Бундан ташқари, ногирон деб эътироф этилган барча ногиронларнинг сони акс этган маълумотларда ушбу йил давомида илк бор ногиронлиги қайд этилган шахсларнинг сони кўрсатиб ўтилмагани қизиқ факт. Мисол учун, 2016 йилда илк бора ногиронлиги қайд этилган шахслар сони 20,7 минг кишини ташкил этди. Шу билан бир вақтда, ногиронлиги аниқланган шахсларнинг умумий сони бир йил ичида 2015 йилга нисбатан 436,1 минг кишига кўпайди. Ушбу маълумотларга асосланиб, фақат қачонлардир ногиронлиги қайд этилган ва кейинчалик ногиронлик ҳолати бекор қилинган инсонлар, 2016 йилда учинчи гуруҳ мақомини қайта тиклаган бўлишлари мумкинлигини тахмин қилишимиз мумкин. Ушбу ногиронлик гуруҳига кирувчи инсонларга ижтимоий нафақалар тўланмайди. Эҳтимол, Ўзбекистонда ногирон шахслар сони кескин ошиши Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқдир. 2017 йилнинг 1 декабрида “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ногиронлик тарқалишидаги гендер зиддиятлар

2007 йилдан 2015 йилгача Ўзбекистонда аёллар орасида ногиронлар сони камайди, ваҳоланки, аёллар орасида ногиронлар сонининг ошиш эҳтимоли эркакларникига қараганда анча юқори. Ногиронлик бўйича Умумжаҳон ногиронлик ҳисоботига кўра, ногиронлик кўпроқ аёллар ва қариялар орасида кўпроқ тарқалган. Хотин-қизлар узоқ умр кўради ва улар ногиронлик ҳолатига кўпроқ мойил бўлган қарияларнинг катта қисмини ташкил этади. 2016 йилда Ўзбекистонда кутилаётган умр узунлиги эркакларда 71,4 ёшни, аёлларда эса 76,2 ёшни ташкил этди. Бундан ташқари, агар аҳолининг ёши ва жинсига қараб ҳисоблайдиган бўлсак, 60 ёш ва ундан юқори ёшдаги аёллар умумий аҳоли сонининг деярли 4% ташкил қилади, айни пайтда эркаклар бу ёшда аҳолининг 3,24% ташкил қилишади.

Ўзбекистонда ногиронлиги бор аёллар сони 2007 йилда 408,9 минг кишидан 2015 йилда 246,2 минг кишигача камайди, кузатилган даврда ногиронлиги бор шахсларнинг умумий сони қарийб 400 минг кишига ортди. Ногиронлиги бор аёллар одатда жинсларига кўра ва ногирон эканликлари туфайли икки карра дискриминацияга дучор бўлишлари сабабли ўта заиф тоифага кирадилар. Ёш қизда ногиронлик ҳолати мавжудлиги, жамиятдаги ногиронлик ҳақидаги салбий стереотиплар туфайли, унинг шахсий келажагига ва ҳатто оиласининг бошқа аъзоларининг келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, кўп ҳолатларда ота-оналар ўз фарзандларининг, айниқса, қизларнинг ногиронлик ҳолатини яширишади ва TMЭKга ногиронлар гуруҳини рўйхатга олиш учун ўз вақтида мурожаат қилишмайди.

Ногиронлик тиббийлаштиришнинг статистикага таъсири

2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш вазирлигига айлантирилди. Ногиронлиги бор шахсларга, шу жумладан уларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди[9]. Бундан ташқари, 2010 йилдан бошлаб Меҳнат вазирлигининг вазифаларидан бир қисми бўлган ногиронлик ва ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда ногиронликни аниқлаш масалалари Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасига ўтказилди. Ўз навбатида, бу қарор мамлакатда ногиронлиги бор шахслар сонининг тўғри ҳисобланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронликни “тиббийлаштириш[10]”да давом этади ва Пенсия жамғармаси ва TMЭK ногиронлик нафақаларига лаёқатли бўлганлар сонини чеклашга интилади.

Ўзбекистонда ногиронликни “тиббийлаштириш” олиб борилаётгани тасдиғи сифатида, Ўзбекистонда 2016 йилда илк бора ногирон деб тан олинган аёллар ва эркаклар ўртасидаги ногиронлик сабаблари ҳақида берилган маълумотни келтиришимиз мумкин[11]. Қон айланиш тизимининг касалликлари эркаклар орасида ногиронликнинг асосий сабабидир, аёллар учун бу хатарли безгаклардир. Юрак-қон томир ва онкологик касалликлар даволаниши мумкин, ногиронларни реабилитация қилиш ва уларни соғлом инсон тоифасига ўтказиш мумкин. Натижада, ногиронлик даражаси 2-3 фоизни ташкил этиши нафақат ижобий натижа, балки самарали соғлиқни сақлаш ва тўғри тиббий реабилитация сиёсати деб намойиш этилиши мумкин. Аслида, ҳаммаси биз ўйлагандек оддий эмас.

Ногиронлик нафақат тиббий муаммо, балки биринчи навбатда ижтимоий муаммо деб ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида “ногиронлик – тана функциялари бузилган инсонлар ҳамда муносабат ва инфратузилма билан боғлиқ тўсиқлар орасидаги ўзаро алоқа натижасида вужудга келадиган ҳолат” деб таъкидланади. Биз бор эътиборимизни фақат инсон танасининг нуқсонларига ва ушбу нуқсонларни даволашга қаратишимиз керак эмас. Ахир, кўриш, эшитиш ёки юриш қобилиятини бошқа тиклай олмайдиган одамлар ҳам бор. Бизнинг диққатимиз ва саъй-ҳаракатларимиз ногиронлик ҳолатини ўз вақтида аниқлаш ва ногиронлиги бор шахсларнинг жамиятда фаол бўлишларида қаршилик қилаётган тўсиқлар билан курашиш лозим.

Ногиронлик ҳолатини қайд эта олмаган инсонлар қандай қилиб ушбу рўйхатга киришлари мумкин?

Ўзбекистонда сўнгги ўн йил мобайнида ногиронлик кўрсаткичларини таҳлил қилиш давомида ногиронлик бўйича расмий статистика ҳисоб-китоби қанчалар ишонарли ва аҳолини етарли даражада қамраб олаяптими ёки йўқ? Ушбу саволлар очиқлигича қолмоқда. Сўнгги икки йилда ногирон шахслар сонидаги “кескин ўсиш” расман ногиронлиги қайд этилмаган шахслар миллий статистика ҳисоботидан “тушиб” қолаётганлиги ва ижтимоий ҳимоя учун масъул бўлган мансабдор шахслар ва идоралар улар ҳақида тўлиқ хабар топа олмаётганлигидан ёки хабар топишни истамаётганидан дарак беради.

Биринчидан, ногиронликни рўйхатга олишнинг энг асосий тамойили ногирон шахснинг аризаси орқали расмийлаштирилиши ва бюрократик жараёнларнинг мураккаблиги Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган барча шахсларни рўйхатга олиш учун қийинчиликлар туғдиради ва натижада кўпчилик ҳисоботдан “тушиб” қолади. Бунга йўл қўймаслик учун, ногиронликни шахснинг аризаси орқали эмас, балки аҳолини кенг миқёсда рўйхатга олиш жараёнида амалга ошириладиган сўровларга махсус саволлар киритилиши орқали ногирон шахслар рўйхати тузилишини йўлга қўйиш лозим. Сўнгги марта аҳолини рўйхатга олиш деярли 30 йил олдин амалга оширилган ва 2017 йил охирида Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси раиси аҳолини рўйхатга олиш жараёни 2020 йилда бошланиши мумкинлигини айтган эди[12]. Ўтказилиши назарда тутилаётган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида ногиронлик статистикаси бўйича Вашингтон гуруҳи томонидан тавсия этилган ногиронлик мавзусига оид саволлари ҳам сўровномага киритилиши жуда муҳим.

Иккинчидан, агар маълумотлар фақат соғлиқни сақлаш имкониятлари чекланган кишилар учун нафақа тўлашни амалга ошириш учун тўпланган бўлса, ногиронликнинг тарқалиш даражасини сезиларли даражада камлигини ҳисобга олиш эҳтимоли юқори. Ногиронлик ҳолатини текшириш мураккаб жараёнига боғлиқ бўлган “бош оғриқ”, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг оз миқдорда эканлиги ногирон кишининг расмий мақомини олиш учун ҳаракатларини сустлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бундан ташқари, ногиронлик муаммоси билан боғлиқ маданий стереотиплар мавжудлиги TMЭKга бориб ўзлари ёки фарзандлари учун ногирон “тамғасини” олишдан олдин бир фикрлаб кўришга ундайди.

Маҳаллий ҳокимият органлари ногиронларни қўллаб-қувватлаш учун самарали ижтимоий сиёсатни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши учун тегишли ногиронлик статистикасини тўплаш муҳимдир. Ногиронларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини аниқлаш ва уларнинг кундалик ҳаётида дуч келадиган тўсиқларни бартараф этиш учун статистика маълумотлари тўпланиши керак. Шунинг учун ногиронликни расмийлаштириш ва давлат томонидан кафолатланган ижтимоий нафақаларни олиш ногиронлар учун қўшимча тўсиқ туғдирмаслиги керак.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, кейинчалик ногиронликни “тиббийлаштириш”ни олдини олиш ва ногиронлик ҳолати касалликка тенглаштирилишига йўл қўймаслик учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш зарур. Ушбу Конвенция ногиронлик ижтимоий муаммо эканлигини назарда тутади ва Конвенцияни қабул қилган давлатлардан статистик ва тадқиқот маълумотларини тўплашни талаб қилади[13]. Афсуски, Конвенция Ўзбекистон томонидан 2009 йилда имзоланганлигига қарамасдан, ҳалигача ратификация қилинмаган.

Дилмурод Юсупов — CABAR.asia​ Аналитик мактаби иштирокчиси

Фойдаланилган манбалар:

[1] Жаҳон банки маълумотлари: https://data.worldbank.org/?locations=UZ-XN

[2] Ногиронлик ҳақидаги Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботи, 2011.

[3] Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги 422-XII-сонли «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни, 3-модда.

[4] http://www.washingtongroup-disability.com/

[5] Пенcия ва ижтимоий нафақа оладиган ногиронлар сони, Ўзбекистоннинг гендер статистикаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси: https://gender.stat.uz/ru/osnovnye-pokazateli/sotsialnaya-zashchita/invalidy/169-chislennost-invalidov-sostoyashchikh-na-uchete-v-organakh-sotsialnoj-zashchity-naseleniya-1-ru

[6] Пенcия ва ижтимоий нафақа олувчи ногиронлар сони, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси: https://stat.uz/ru/158-otkrytye-dannye/2263-chislennost-invalidov-poluchayushchikh-pensii-i-sotsialnye-posobiya

[7] http://www.uza.uz/ru/documents/o-merakh-po-dalneyshemu-sovershenstvovaniyu-sistemy-gosudars-01-08-2017?m=y&ELEMENT_CODE=o-merakh-po-dalneyshemu-sovershenstvovaniyu-sistemy-gosudars-01-08-2017&SECTION_CODE=documents

[8] Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 декабрдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, РР-272, 1-модда, 5-модда.

[9] https://www.gazeta.uz/ru/2016/02/23/mehnat/

[10] Ногиронликни фақат тиббий ҳолатга ва тиббий муаммога тааллуқли деб фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколати доирасига йўналтириш.

[11] Ногиронлиги сабабли биринчи марта ногирон деб тан олинган аёллар ва эркаклар сони: https://gender.stat.uz/ru/osnovnye-pokazateli/sotsialnaya-zashchita/invalidy/644-chislennost-zhenshchin-i-muzhchin-vpervye-priznannykh-invalidami-po-prichinam-invalidnosti

[12] https://www.gazeta.uz/ru/2017/12/14/population/

[13] БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси, 2006 й., 31-модда. «Статистика ва маълумотлар йиғиш».


Ушбу материал Норвегия Ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» лойиҳаси доирасида тайёрланди. Мақолада билдирилган фикрлар таҳририят кенгашининг ёки ҳамкорлар позициясини акс эттирмайди.